Эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари учун янги имтиёзлар жорий этилди

Источник: uzlidep.uz

14 сентябрь куни Ўзбекистон президенти “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб ёзади «Норма» нашри.

2020 йил 1 январдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар МИЗ иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланади.

МИЗ иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқини бериш ҳам кўзда тутилган.

Молия вазирлиги ва ДСҚга МИЗнинг иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммасини 7 кун ичида қоплаб бериш тартибига қатъий амал қилиш топширилди. Камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қопланган ҚҚС суммаси асоссизлиги аниқланган тақдирда, мазкур сумма белгиланган тартибда ундирилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:

  • МИЗ иштирокчиларига улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича имтиёзлар беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
  • МИЗ фаолиятини, уларнинг вазифалари ва кутилаётган натижаларни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.