“Ёшларимизга озгина шароит яратиб берилса, бу соҳани янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш мумкин”, – дейди Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, айни пайтда Шавкат Мирзиёев “Astrum” академиясида IT соҳаси вакиллари билан мулоқот қилмоқда.

“Бугун янги IT академиясига биз учун аҳамияти ниҳоятда юқори бўлган IT соҳасидаги етук мутахассислар ва ёшларимиз билан учрашув ўтказиш учун келдим. Биз бугун биргаликда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT  соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонаман”, деди давлатимиз раҳбари.

Дунёда IT хизматлари шиддат билан ривожланмоқда. Жаҳонда бу соҳанинг ўсиш суръатлари йилига 10 фоизни ташкил этиб, жорий йилда 4,3 триллион долларга етади. “Биз ушбу бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш борасида катта ислоҳотларни бошладик. Соҳага сўнгги беш йилда 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Бундан уч йил олдин IT парклар ташкил қилиб, уларга алоҳида солиқ режимини жорий этдик”, деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етди. Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошди. Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилдик (68-ўриндан). IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсди. Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди“.

Учрашув чоғида Президентимиз эътиборни кучайтириб, ёшларимизга озгина шароит яратиб берилса, бу соҳани янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди.

“Бугунги мулоқотимизни ўтказиш учун “Astrum” академиясини бежизга танламадим. Бу ерда юзлаб ёшлар энг замонавий дастурлаш кўникмаларини эгаллаётгани, айниқса, ўқиш давомидаёқ даромад топаётгани қувонарли албатта. Бошқа ҳудудларда ҳам бундай IT академиялар ташкил қилиш истагида бўлганларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, барча масалаларини ҳал қилиб берамиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда бу ерга келиб, барча шароит ва имкониятларни кўзи билан кўриб, ўз ҳудудида камида 1 тадан шундай IT академия ташкил этиш лойиҳасини бошлашга топшириқ берилди.

Хорижий ҳамкорлар билан бирга мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларнинг IT кўникмаларини шакллантириш бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Президентимиз бу дастур келгусида ҳам давом эттирилишини айтди. “Келгуси беш йилда мамлакатимиз IT хизматлари экспортини 1 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Агар ёшларни IT касбларга ўқитишни тўғри йўлга қўйсак, уларни сифатли инфратузилма, компьютер ва кафолатли буюртма билан таъминласак, албатта, бу маррага бемалол эришамиз”, деди давлатимиз раҳбари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.