«Юксалиш»: дориларни назоратсиз қўллаш билан боғлиқ вазиятни қайта кўриб чиқиш зарур

Источник: uzdaily.uz

“Док-1 Макс” препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани билан боғлиқ вазият барчамизни чуқур қайғуга солди. Бу фожиа мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида муаммоларимизни яққол кўрсатиб берди, дея қайд этади “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати.

Ташкилотнинг фикрича, биринчи навбатда дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур.

«Чунки биз қайси дорини ичиш бўйича кўпинча шифокор билан эмас, дорихона сотувчилари билан маслаҳатлашамиз. Кўплаб дори воситаларини шифокор рецептисиз осонгина аптекадан харид қилишимиз мумкин ва бу дорилардан нотўғри фойдаланиш хавфини яратмоқда».

Турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шифохоналарга ётқизилган беморларнинг ўртача 10-20 фоизида дорилар ножўя таъсир қилганлик ҳолати кузатилади, қизиғи, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баравар юқорини ташкил қилади.

Ташкилотнинг маълумотларига кўра, 2008—2018 йилларда Ўзбекистонда дори воситалари билан ўзини-ўзи даволаш натижасида соғлиқнинг ёмонлашганлиги  билан боғлиқ 2 300 та ҳолат рўйхатга олинган.

Ташкилотнинг қайд этишича, аввал, оммавий ахборот воситаларида дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш зарур. Хусусан, дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати билан амалга ошириш, келажакда ОАВда дориларининг бевосита рекламасини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш, шу мақсадда Туркия, Швейцария, Канада каби мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш лозим.

«ЖССТ маълумотларига кўра,  дори воситаларини назоратсиз қўллаш ва ўзини  ўзи даволаш даражасининг ошиши айнан реклама билан боғлиқдир. Бундай даволаниш натижасидаги ўлим ҳолатлари жароҳатлар, қон айланиш касалликлари, онкологик ва пульмонологик касалликлардан кейин 5-ўринда туради».

Истеъмолчилар дори-дармонларни қўллашдан келиб чиқадиган ножўя таъсирлар, уларнинг мувофиқлиги ва организмнинг индивидуал реакцияси хавфини баҳолай олмайди, дея таъкидлайди “Юксалиш”.

Дори-дармонларга оддий истеъмол товари сифатида қаралади ва бу – вазиятни янада оғирлаштиради. Шунинг учун мазкур масала ҳар 100 минг аҳолига ўртача 25—27 та дорихона тўғри келадиган Ўзбекистон учун долзарбдир, – дейилади хабарда

Ҳаракат дори воситаларининг рекламасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Ўтган йили “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.

«Унда дори воситаларининг рекламасига оид аниқ тартиблар белгиланган бўлса-да, биз ҳар куни телевидение, радио ва бошқа турдаги рекламаларда қонун талабларининг бузилишини кузатяпмиз. Фармкомпаниялар қонун талабларига беписандлик билан ёндашаётганларини кўряпмиз».

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун кўпи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача маъмурий жарима кўзда тутилган. Бироқ айнан дори воситаларининг рекламаси билан боғлиқ тартиб ва қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик мавжуд эмас.

«Шу сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни дори воситалари рекламасига қўйиладиган талабларни бузганлик учун БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи алоҳида норма билан тўлдириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Оғир оқибатларга олиб келган ҳуқуқбузарликлар (инсонларнинг сўълиғига зарар етказилса, уларнинг ўълимига олиб келса) жиноий жавобгарликка асос бўлиши керак».

Италия, Швейцария, Канада, Япония, Финляндия, Германия, Венгрия, Буюк Британия ва бошқа давлатлар ўзини-ўзи даволаш муаммоларини ҳал этиш мақсадида айнан қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтирганликларини кўриш мумкин.

Шунингдек, ташкилот дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сертификатлаш ташкилотларининг масъулиятини кучайтириш ниҳоятда муҳим эканлигини ҳам таъкидлайди.

“Док-1 МАКС” ва “Амбронол” дорилари, текширувларда аниқланишича, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” томонидан белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган. Натижада сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.

«Шу мақсадда, Жиноят кодексининг 186-3-моддаси субъектлари қаторига сифатсиз, қалбакилаштирилган ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган дори воситаларини тарқатишга йўл қўйган шахсларни ҳам киритиш таклиф этилмоқда».

«Юксалиш» ташкилотининг фикрича, фуқароларни замонавий ташхис имкониятларидан фойдаланишини, даволашнинг ягона стандартларига асосланган тиббий суғурта тизимига ўтишни тезлаштириш зарур.

«Одамлар кўпинча ўзини-ўзи даволашга уринмоқда, аниқ ташхисни билмасдан, рекламага ишониб, турли дориларни қабул қилмоқда. Бу каби хатолар, шунингдек, шифокорлар томонидан дориларни буюриш жараёнида ҳам юз беряпти. Афсуски, уларнинг баъзилари алоҳида препаратларни тарғиб қилишдан молиявий манфаат кўзламоқдалар. Шунинг учун ҳам тиббий суғурталаш тизимига имкон қадар тезроқ ўтишимиз керак».

Ташкилот фармацевтика соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш зарур деб ҳисоблайди.

«Аҳоли қайси дори воситалари импорт қилинаётгани, ишлаб чиқарувчилар кимлиги, уларнинг хориждаги нуфузи, сертификатлаштириш жараёни қандай олиб борилаётганини билишга ҳақли. Шунингдек, кенг аҳоли манфаатларига дахлдор бўлган фармацевтика саноатига оид ахборотларни бериб борувчи очиқ маълумотлар базасини шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Сотиладиган барча турдаги дори-дармонларни мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнини тезлаштириш муҳимдир. Харидор маркировка орқали дорининг ҳақиқийлигини текшириши мумкин».

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати парламент, масъул вазирлик ва идораларни тезкор чораларни кўришга, тиббиёт муассасалари ва фармацевтика соҳаси институтларини, аввало, тижорий эмас, балки ижтимоий манфаатларни устувор қўйишларига чақирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.