«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати: P2P ўтказмалари тўғрисидаги масалани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Марказий банк билан бирдам бўлган ҳолда, солиқ органларига банк карталари бўйича P2P ўтказмалари ҳақида маълумотларни тақдим этиш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Ҳаракат ўзининг мурожаатини ижтимоий тармоқларда чоп этди.

1 майдан бошлаб жисмоний шахсларнинг картадан картага пул ўтказмалари (P2P) солиқ органлари назоратида бўлиши белгиланди.

«Мазкур қарор кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганлигини таъкидлаган ҳолда, 1 майдан эътиборан олий юридик кучга эга бўлган ва тўғридан-тўғри амал қилаётган янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларга зид эканлигини таъкидлаш лозим», – дейилади хабарда. 

Жумладан, Конституциямизда банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган (41-модда) ҳамда инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган (20-модда).

Ҳаракатнинг кўп минг сонли аъзолари фикрига таянган ҳолда, ушбу амалиёт акс самара бериб қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқаради:

  • фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол этган ҳолда мамлакатимизда қонун устуворлиги тамойилига жиддий путур етказади;
  • нақд шаклдаги тўловларга талабни оширади, банк тизимидан маблағлар норасмий бозорга кўчади ва амалда хуфиёна иқтисодиёт кўлами ортади;
  • нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келади.

Ҳаракатнинг фикрича, иқтисодиётни соядан чиқаришда мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш, солиқ тўловчилар учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилиш каби жиҳатларга устуворлик бериш муҳим.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.