ЮНИСЕФ Молия вазирлигига Ягона ижтимоий ҳимоя реестрини тақдим этди

Источник: представительство ЮНИСЕФ в Узбекистане

Бугун ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ягона ижтимоий ҳимоя реестрини (ЯИҲР) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига топширди. Бу вазирлик тизимдан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишини билдиради. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФ ваколатхонаси маълум қилади.

Ягона реестр – ижтимоий ҳимояни бошқариш ахборот тизими Молия вазирлиги, Жаҳон банки ва ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ижтимоий ҳимоя дастурларини қўллашни кенгайтириш орқали аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш дастурларидан фойдаланишдаги тўсиқларни камайтириш орқали ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бугунги кунга қадар ЯИҲР Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан мустақил фойдаланишга тўлиқ тайёр.

Тизим аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш дастурини бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, ариза бериш, уларни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказишдан тортиб, ижтимоий нафақалар тўловларини амалга ошириш ва уларнинг мониторингигача бўлган барча жараёнларни қамраб олади. Тизим миллий даражадаги бенефициарларнинг ҳолати ва миллий ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги тўғрисида тўлиқ маълумотларни тақдим этади.

“Камбағалликни камайтириш ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида кам таъминланган оилаларни аниқлашнинг ягона мезони жорий этилди ва энг кам истеъмол харажатлари қийматини аниқлаш методикаси тасдиқланди. Айрим тоифадаги фуқаролар ва оилалар учун кам таъминланган оилалар даражасини аниқлаш мезонлари соддалаштирилди. Натижада Ягона реестр ахборот тизими орқали ижтимоий нафақаларни автоматик тарзда тайинлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилди”, – дейди Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев. “Ҳозирда Молия вазирлигининг АКТ маркази ходимлари техник ёрдам кўрсатиш ва тизимни тўлиқ бошқаришга тайёр”, — деди у.

ЮНИСЕФ ижтимоий фаолиятда ишларни бошқариш бўйича электрон модулни жорий этиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни интеграциялаш ва табиий офатлар, ижтимоий-иқтисодий силкинишлар ва бошқа сабаблар натижасида юзага келган фавқулодда вазиятларда ижтимоий ҳимояни таъминлаш модулини ишлаб чиқиш орқали ЯИҲРни янада ривожлантиришга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

“Ягона ижтимоий ҳимоя реестри мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилишнинг умумий стратегияси доирасида рақамли технологик платформанинг асоси ҳисобланади. ЯИҲР барча ижтимоий ҳимоя дастурларини амалга оширишнинг марказий механизми бўлиб, ижтимоий ҳимояни инклюзив ва комплекс тарзда таъминлаш, маҳаллалар, бандликка кўмаклашиш марказлари, аҳолига хизмат кўрсатишда ижтимоий нафақаларни ижтимоий хизматлар билан самарали боғлаш учун ажойиб имконият яратиши кутилмоқда”,- дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумба.

ЯИҲР туфайли сўнгги уч йилда 1,6 миллиондан ортиқ болали оилаларга, айниқса, пандемия даврида кам таъминланганлик туфайли юзага келган қийинчиликларни енгиш учун ижтимоий нафақалар берилди. 2021 йил сентябридан бошлаб ислоҳ қилинган болалар нафақалари ҳам ЯИҲР орқали берилади.

Тизим вазирлик ва идораларга реал вақт режимида маълумотларнинг 50 та банди билан ўзаро алмашиш имконини беради, бу эса болалар, оилалар, ногиронлиги бўлган ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ёки бандликка кўмаклашишга муҳтож шахсларни янада кенгроқ ва самарали ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.