ЮНИСЕФ ва ИИВ Киберхавфсизлик маркази болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни бошлади

Источник: ЮНИСЕФ

Жаҳон миқёсидаги маълумотларга кўра, Интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади ва ҳар ярим сонияда бир бола биринчи маротаба Интернет тизимига киради. Дунёда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланаётган болалар ва ўсмирлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас. COVID-19 пандемияси бу жараённи тезлаштирди ҳамда болалар ва катталарни аввалгидан ҳам кўпроқ вақтни онлайн тарзда ўтказишга мажбур қилмоқда, дея қайд этилади ЮНИСЕФ тарқатган хабарда.

«Интернетдан тўғри фойдаланилса ва барчанинг бунга имкони бўлса, у дунё бўйлаб имкомиятларни кенгайтириши ва ижодга рағбатлантириши мумкин. Бироқ бу имкониятлар болалар учун турли шакллардаги жиддий хавф ва таҳдид билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Кибер қўрқитиш, кибер таъқиб қилиш, кибергруминг, яъни ёмон ниятда болалар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш шулар жумласига киради», – дейилади хабарда.

8 февраль куни бутун дунёда нишонланадиган Хавфсиз интернет кунида ЮНИCEФ ва Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорликни бошлади. Тадбирда Парламент аъзолари, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.

«Интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ахборот олишдаги тенгсизликни қисқартитиш барча болалар ва ёшлар муваффақиятга эришишлари учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун жуда муҳимдир. Афсуски, барча афзалликларига қарамай, Интернет онлайн суиистеъмол, эксплуатация ва нотўғри маълумотларни тарқатиш билан ҳам боғлиқ. Шу боис ҳам онлайн, ҳам реал ҳаётда зўравонликка қарши курашнинг энг яхши йўли бу масалаларни ҳал қилишда тизимли ёндашувдир”, дейди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. “Болаларга нисбатан зўравонлик масаласини ҳал этиш учун ота-оналарнинг билим ва кўникмаларини яхшилаш, болаларнинг хабардорлигини оширишни, ижтимоий хизматлар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш ҳамда кучли қонунчиликни ҳамда институционал базани, жумладан маълумотларни тўплаш ва бошқариш тизимини талаб қилади», – дея таъкидлайди у.

«Ҳозирги глобаллашув асрида ёшларнинг дунёқараши кун сайин ўзгариб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникасияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлиши билан ҳам изоҳланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда уларга нисбатан кибертаҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этади», – дейди Ички ишлар вазирлиги Киберхафсизлик маркази бошлиғи Бехзод Мамажонов.

Интернетда ва реал ҳаётда болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича келгусидаги қадамлар сифатида иштирокчилар идоралараро ҳамкорликни яхшилаш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаол иштирокини, ота-оналар ва мутахассисларнинг болаларни қўллаб-қувватлаш ва онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича хабардорлигини оширишни тавсия қилмоқдалар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.