Юнусобод аҳолиси автомобиллар тураргоҳи ўрнида NRG тураржой мажмуаси қурилишига қарши чиқишмоқда

Фото: соцсети

Тошкент шаҳридаги Юнусобод 8 мавзесининг аҳолиси автотураргоҳ ва болалар майдончаси ўрнига кўп қаватли уй қурилишига қарши норозилик билдира бошлади. Қурилиш компаниясининг вакиллари ҳудудни панжара билан ўраб олишга киришган, бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлган. Натижада ишчилар ва аҳоли ўртасида низо келиб чиққан, деб ёзади «Газета» нашри.

Аҳоли компания зарур ҳужжатларни тақдим этмаганини ва тақдим этишдан бош тортаётганини таъкидламоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Franchising Invest компаниясига кўп қаватли уй қурилиши учун автотураргоҳ ажратилганини, бироқ аҳоли розилигисиз қурилиш ишлари бошланмаслигини маълум қилди.

Пойтахт ИИББ хабар беришича, маҳаллий аҳолига қарши қичқириқлар билан можаро уюштирган уч киши ҳибсга олинган. Мазкур шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома тузилган. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди уларни 10 суткага маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилди.

Franchising Invest компанияси ҳақида Интернетда маълумот кам. Бироқ, бу компаниянинг СТИР рақамлари муассислари Мурод Назаров ва Умида Назарова бўлган йирик девелопер Murad Buildings компаниясининг СТИР рақамлари билан бир хил. Апрель ойи бошида Franchising Invest компанияси Рихсили ва Уч Қаҳрамон кўчалари чорраҳасида қурилиши режалаштирилган, ҳозирда автотураргоҳ ва болалар майдончаси жойлашган NRG Yunusobod тураржой мажмуасига яқин орада сотувлар бошланиши ҳақида хабар берган эди. Ҳозирча компания вазиятга изоҳ бермади.

Қайд этамиз, президент Шавкат Мирзиёев февраль ойи бошида Тошкентда бош режа қабул қилинмагунича янги қурилишларга мораторий жорий этилишини маълум қилган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.