Кўчатлар нотўғри парвариш қилингани учун 109 нафар мансабдор шахс жаримага тортилди

Источник: АИМК

“Яшил Макон” лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини парвариш қилиш бўйича талабларни тўлиқ бажармаган 109 нафар мансабдор шахсга 311 миллион сўм миқдорида жарима солинди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Экология давлат қўмитаси мутасаддилари маълум қилди.

2021-йил куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида мамлакатимиз бўйлаб йирик, ўрта ва кичик маҳаллаларда жами 70 миллион 800 минг туп, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйлаб 72 миллион 500 туп терак кўчатлари ва қаламчалар экилди.

Суғориш тизимини яхшилаш мақсадида 238 қудуқ қазилди. Шунингдек, кўчатларни суғориш учун туман (шаҳар)ларда мавжуд 740 та сув ташувчи автомобиллар жалб этилди. Қўмита томонидан дарахт парвариши бўйича масъул ташкилотларга 10577 та кўрсатма берилди.

Суғориш тизими қулай бўлган аҳоли пунктларида “яшил ҳудудлар” яратиш устувор вазифа бўлиши керак, деб қайд этиллди брифингда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда мутахассислар раҳбарлигида “темир дафтар”да қайд этилган вақтинча ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни маҳаллалардаги кўчатларни парваришлаш ишларига жалб этиш режалаштирилган. Уларнинг меҳнати вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тўланади.

Брифингда, шунингдек, дарахт ва буталарнинг зараркунандаларига қарши курашиш учун маҳаллий бюджетлардан қарийб 2 фоиз миқдорида қўшимча маблағ талаб қилинаётгани таъкидланди. Яратилаётган яшил майдонларда чорва моллари ўтлатишнинг олдини олиш чоралари ҳам талаб қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.