Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ИИВга бириктирилади
Президент “Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб ёзади “Норма” нашри.
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни Ички ишлар вазирлигига бириктириш ҳамда уларни “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари деб номлаш назарда тутилган.
ИИВ “Нурли маскан” мактабларига масъулларни бириктирган ҳолда:
- сифатли таълим ва тарбия беришга, уларнинг маиший шароитларини яхшилашга, шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга;
- ўқувчиларнинг жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда, уларни соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳамда дунёқарашини шакллантириш, спорт турларига қизиқтириш ва жалб этишга;
- ўқувчиларнинг ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишга доимий равишда кўмаклашади.
“Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг шарт-шароитларини босқичма-босқич яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг малакали шифокорларини жалб этган ҳолда, “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда, “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш тадбирлари учун харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Ўқувчиларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳамда улар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини тизимли йўлга қўйиш доирасида барча “Нурли маскан” мактаблари ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатилиши режалаштирилмоқда.
Ҳужжат билан ўрнатилган тартибга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб “Нурли маскан” мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёжи ҳар олти ойда ўрганилади ва шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади.
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун белгиланган вилоят ва республика фан олимпиадалари битирувчи синфлар ўқувчилари учун алоҳида ташкил этилади, шунингдек “Нурли маскан” мактаблари ўқувчилари учун ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Олий таълим муассасаларининг тегишли ихтисослик ва йўналишлари бўйича Брайль алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш тизими ҳам йўлга қўйилади.
“Нурли маскан” мактаблари 2022/2023 ўқув йилига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўзи ожизлар учун мослаштирилган махсус компьютер техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланади.
Шарҳлар