Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилмоқда

Фото: расмий хабарлар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистон Республикасида бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар беряпти.

«Сўнгги кунларда Қозоғистон Республикасининг ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совуши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек, яқин ҳафталар давомида ҳам совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб қолиши сабабли Республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланиш чекланган», – дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмаслик тавсия этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.