Келгуси ҳафтада Шавкат Мирзиёев ташриф билан Францияда бўлади

Источник: pexels.com

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Ташриф дастурида Париж шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар, Франция Парламентининг қуйи палатаси – Миллий йиғинида учрашув ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари иштирокида ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.

«Кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фаол гуманитар ва таълим алмашинувларини давом эттириш масалалари ўрин олган», – дейилади хабарда.

Саммит якунида ўндан ортиқ муҳим икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция битимлари ва савдо шартномалари тўпламининг қабул қилиниши режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.