Келгуси йили Ўзбекистонда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтказилади

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида қатнашди.

«Аминманки, бугун қабул қилинаётган қарорга биноан Туркий Кенгаш номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади», – дея қайд этади Ўзбекистон президенти.

Саммит якунлари бўйича ташкилотдаги раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши ва келгуси йили Туркий давлатлар ташкилотининг саммити Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Давлат раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши, унинг Ташкилот мамлакатларига таъсирини юмшатиш масаласи ва Орол денгизининг қуриши келтириб чиқараётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, улар тарқалишининг олдини олиш учун Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

Ўзбекистон президенти туризмни ривожлантириш мавзусига алоҳида урғу бериб, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш масалалари, соҳадаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Унинг доирасида биргаликда аниқ чора-тадбирлардан иборат қўшма дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мазкур масалани навбатдаги саммит кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклиф этилди.

Давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат – саммитнинг якуний декларациясини, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзоладилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.