Кичкина қизларга нисбатан уятсиз ҳаракатларни қилган ўқитувчига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди
2023 йилнинг 4 май куни Хоразм вилояти Хонқа туманидаги мактабнинг рус тили ўқитувчиси 1962 йилда туғилган Б.Р. дарс пайтида икки нафар 3-синф ўқувчисининг бели, елкалари, қўллари, қорнига тегинган ва юбкасининг остига қўлини тиқиб силаган, дея хабар беради Nemolchi.uz лойиҳаси.
Қизлар бу ҳақда ота-оналарига айтишган, улар эса ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Тергов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича маъмурий иш қўзғатган. Лойиҳанинг қайд этишича, бундан олдин вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг 129-моддаси “16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш” бўйича кўриб чиқилган.
“Ишнинг нотўғри квалификацияси терговчиларни ҳам, судьяни ҳам хижолат қилмади. Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаган ва фақат яхши ўқиш учун елкасига уриб қўйганини айтган, бироқ тўпланган далиллар қизларнинг сўзларини тасдиқламоқда. Яъни, тергов ва суд ўқитувчи қизларнинг интим жойларга тегинганини аниқ билган ва буни оғирлаштирувчи ҳолатларга эга уятсиз-бузуқ ҳаракат деб ҳисобламаган. Бундай жиноятлар Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисмининг «б», «в» ва «ж» бандлари билан, яъни жабрланувчиларга таълим бериш вазифаларини бажараётган шахс томонидан ўн тўрт ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар сифатида квалификация қилиниши керак”, – дейилади хабарда.
Ушбу жиноятлар учун жазо уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки ўқитувчилик фаолиятини тақиқлаш билан уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади. МЖтКнинг 41-1 («Шаҳвоний шилқимлик қилиш») моддасига кўра, максимал жазо 10 кунлик маъмурий қамоқни кўзда тутади ва яна у болалар билан ишлашда давом этиши ҳам мумкин. 2023 йил 25 май куни судья Ҳамроқулов С. ўқитувчи Б.Р.га нисбатан 5 суткага маъмурий қамоқ жазоси ва қамоққа олиш харажатларини қоплаш учун 247 500 сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган.
“Жинсий зўравонлик ҳақидаги модда 16 ёшдан ошганларни ҳимоя қилиш учун жорий этилган эди, чунки бунгача қонун фақат болаларни ҳимоя қилган. 129-модда ҳали ҳам болаларга нисбатан қўлланилиши керак. Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликдаги ўзгартиришлар зўравонларни жазолашни осонлаштириш учун қўлланилгани кишининг ғазабини қўзғатади. Биз бунинг учун курашганимиз йўқ. Биз ишнинг қайта квалификация қилинишини талаб қиламиз, у қонун доирасида тўлиқ жавоб бериши керак”, — дея хулоса қилади лойиҳа.
Шарҳлар