Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси фуқароларни “ваҳимага тушмасликка” чақирди

Источник: https://mesta.com.ua/

Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси ўзининг ўзбекистонликлар учун телеграм-гуруҳида Украина ҳудудида бўлиб турган юртдошларга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар беради.

Унда элчихона “текширилмаган фейк ахборотни тарқатмасликни ва ваҳимага тушмасликни” сўрайди.

«Элчихона Украина давлат органлари, дипломатик корпус ва юртдошларимиз билан доимий алоқада, – дейилади мурожаатда. – Саволлар туғилганида, электрон почта (embassy@uzbekistan.org.ua)  ва телефонлар (+38 044 5015000, +38 044 5014182) орқали ёки дипломатларнинг телеграм-манзиллари бўйича мурожаат қилинг».

Шунингдек, элчихона Uzbekistan Airways авиакомпанияси мунтазам равишда Киевга рейсларни амалга ошираётгани ва манфаатдор шахслар Ўзбекистонга Киев-Тошкент йўналиши бўйича қайтишлари мумкинлигини маълум қилади.

Қайд этиб ўтамиз, 11 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден  маъмурияти Россия Украинага бостириб кириш учун етарлича тайёргарлик кўрганини ва уни “исталган пайтда” бошлаши мумкинлигини билдирганди. Оқ уй кейинчалик авиаташувлар билан боғлиқ вазият қийинлашиши мумкинлигини айтиб, америкаликларга мамлакатни яқин икки сутка ичида тарк этишни маслаҳат берган. Шунингдек бир сутка ичида 30 та мамлакат ўз фуқароларига Украинани тарк этишни ёки у ерга боришдан тийилишни тавсия қилган бўлиб, уларнинг орасида Туркия, Италия, Буюк Британия, Польша, Руминия давлатлари ҳам бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.