Конституция бўйича ўтказиладиган референдумни ЕХҲТ ДИИҲБ чекланган миссияси кузатади

Фото с сайта kun.uz

Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни кузатиб бориш бўйича офисини очди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар беради.

Бугун бўлиб ўтган брифингда миссия раҳбари Альберт Йонссон жорий фаолият Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни кузатиш бўйича ўнинчи миссия эканлигини таъкидлади. «Миссия ЕХҲТ ДИИҲБга аъзо мамлакатлардан сайлов мониторинги бўйича катта тажрибага эга бўлган ўн кишидан иборат, – деди Альберт Йонссон. – 3 апрель куни миссиянинг яна 14 нафар аъзоси  Ўзбекистонга  келади ва  улар бевосита мамлакатингиз  ҳудудларида ишлайдилар».

Миссиянинг асосий мақсади референдумнинг умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ ўтишини назорат қилишдан иборатлиги таъкидланди.

«Референдум якунлангач, эртаси куни миссия кузатувларимиз бўйича дастлабки хулосаларни тақдим этади. У матбуот анжумани чоғида эълон қилинади, – деди миссия раҳбари Альберт Йонссон. – Миссиямиз натижалари бўйича якуний хулосалар икки ой ичида тақдим этилади».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.