Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар муҳокамаси 1 августгача узайтирилди

Источник: Законодательная палата Олий Мажлиса

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар беради.

Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари  келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Депутатлар томонидан бир овоздан қабул қилинган тузатишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва муҳокамага атиги 10 кун муҳлат берилган эди. 4 июль куни депутатлар бу муддат етарли эмаслигини тан олиб, бир овоздан яна 10 кун қўшишга қарор қилишди.

«Газета» нашрининг ёзишича, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмита раиси, депутат Жаҳонгир Ширинов оммавий муҳокамалар даврида лойиҳа бўйича 85 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганини билдирган:

  • Конституция преамбуласига ўзгаришлар бўйича — 32;
  • биринчи бўлим бўйича (Асосий тамойиллар) — 1142;
  • иккинчи бўлим бўйича (Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари) — 2641;
  • учинчи бўлим бўйича (Жамият ва шахс) — 637;
  • тўртинчи бўлим бўйича (Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилмаси) — 39014;
  • бешинчи бўлим бўйича (Давлат ҳокимиятини ташкиллаштириш) — 24427;
  • олтинчи бўлим бўйича (Конституцияни ўзгартириш тартиби) — 2767.

Депутат фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни экспертларни жалб қилган ҳолда чуқурроқ ўрганиб чиқиш зарурияти туғилганини яна бир бор таъкидлаган. «Бу мамлакатимизнинг бош қонуни, давлатимиз, миллатимиз, жамитиямизни келажаги, тақдирини белгилаб берадиган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Буни шошма-шошарлик билан муҳокама қилиш ёки қабул қилиш яхши натижаларга олиб келмайди», — деди у.

Унинг қайд этишича, ўзгаришлар муҳокамаси ҳозирги кунга қадар давом этмоқда, мурожаатлар орасида муҳокама муддатини узайтириш ҳақида таклифлар ҳам бор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, конституциявий ислоҳотлар комиссияси раҳбари Акмал Саидов Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар муҳокамасининг дастлаб 10 кунга (15 июлгача) узайтирилганининг Нукус воқеаларига алоқаси йўқлигини таъкидлади. Бу воқеалардан кейин Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисидаги ўзгартиришлар қонун лойиҳасидан чиқариб ташланди. Комиссия шу кунгача бу борада ҳеч қандай баёнот бермади.

«Кеча мен Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним билан учрашдим. Афсуски, битта нотўғри фикр шаклланган экан. Бир соат гаплашиш давомида у „Нима учун сизлар (лойиҳа муҳокамасини) яна 10 кунга чўздингизлар? Бизнинг фикримизча бу Нукус воқеаларига боғлиқ“, деб айтяпти. Мен унга бу мутлақо нотўғри деб айтдим. Бу ерда бизнинг қўмитамиз раиси кундан-кунга ортиб бораётган таклифлар сони халқимизда ҳали лойиҳа бўйича айтадиган фикрлари, мулоҳазалари бор эканини билдиради, деб айтди», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, агар муҳокамаларнинг биринчи босқичида умумий тарздаги таклифлар бўладиган бўлса, ҳозирги таклифлар ҳар бир моддага, ҳар бир сўз, ҳар бир вергулга тааллуқли. Шу сабабли Қонунчилик палатаси уни 10 кунга узайтирди, деди Акмал Саидов. Комиссия ҳозирга қадар бу бўйича изоҳ бермаган эди.

«Биз бир нарсани, сайловчиларимизга ҳам, айниқса, хорижий ҳамкорларимизга тушунтиришимиз керак. Бу муддатларни ўзгартириш ҳалқимизнинг хоҳиши ва эътирозларини Қонунчилик палатаси томонидан эътиборга олинган ҳолда бажарилади. Бизга биров кўрсатма бераётгани йўқ, „чўзгин-чўзмагин“ деб. Биз ўзимиз ҳал қиляпмиз», — деди у.

Шунингдек, биринчи вице-спикер таклифлар 22 кишидан иборат «ҳафтада 7 кун, 24 соат, кечаю-кундуз» ишлайдиган ишчи гуруҳи, шунингдек, йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи, матбуот хизмати, конституциявий комиссия томонидан кўриб чиқилаётганини таъкидлади.

Акмал Саидовнинг айтишича, президент 20 июнь куни Конституцияга киритилган ўзгартиришлар муҳокамаси иштирокчиларига миннатдорчилик билдиришни сўраган.

«20 июнь куни президентнинг шахсан ўзи менга таклиф юборган барчага, хоҳ депутат бўлсин, хоҳ оддий фуқарога миннатдорчилик билдиришни топширди. Бугун биз турли йўллар билан раҳмат мактубларини юборяпмиз. СМС ва meningkonstitutsiyam.uz портали орқали 41 мингдан ортиқ миннатдорчилик хатлари юборилди, call-маркази операторлари қўнғироқ қилган 64 мингдан ортиқ фуқароларга [ўзгартиришларни] қўллаб-қувватлаяптими ёки йўқми, ўз миннатдорчилигини билдирди. Telegram боти орқали — 18 мингдан ортиқ раҳмат юборилди», — деди у.

Қонунчилик палатаси вице-спикери, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодировнинг айтишича, айрим моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни қўллаб-қувватловчи юзлаб таклифлар, шунингдек, мазкур ўзгартиришларга қарши ҳам шунча таклифлар келиб тушмоқда. Депутат бу жараённи «ҳақиқий муҳокама» деб атади ва сиёсий маданият шаклланганини қайд этди.

«Қарши фикрлар бўлиши мумкин. Демократиянинг олтин қоидаси бор — кўпчилик нима деса, шу бўлади», — деди у Конституцияга киритилган ўзгартиришларга ҳақида фикр билдириб.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.