Конституцияга тузатишлар лойиҳасига “никоҳ – бу эркак ва аёлнинг иттифоқи” ҳақидаги норма киритилди
10 июнь куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича конституциявий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир илк бор UzReport ТV, “Ўзбекистон” телеканали ва Facebook тармоғида жонли эфирда намойиш этилди. Бу ҳақда “Газета” ёзади.
Депутат Тўлқинжон Каримов Конституциянинг 63-моддасига ўзгартиришлар киритиш юзасидан келиб тушган таклифларни билдирди. Жумладан, “Никоҳ томонларнинг эркин розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деган моддани қуйидагича баён этиш таклиф қилинмоқда: “Никоҳ аёл ва эркакнинг эркин розилиги ҳамда тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.
Унинг сўзларига кўра, Оила кодексининг 2-моддасида ҳам оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёл ўртасидаги ихтиёрий никоҳ тамойили асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Унинг таъкидлашича, худди шундай матн Россия, Украина, Арманистон, Қирғизистон, Грузия ва Польша конституцияларида ҳам мавжуд.
“Ушбу меъёр оила мустаҳкамлиги учун имконият яратади. Мустаҳкам оила эса мустаҳкам давлат пойдевори бўлиб хизмат қилади”, — дейди депутат.
“Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Қодировнинг айтишича, унинг партияси бу масалани мунтазам кўтариб келмоқда.
“Бу фикрни жамоатчилик қўллаб-қувватлаши биз учун жуда муҳим. Кўп йиғилишларда 7-10 йил аввал бундай қатъият йўқ эди, деймиз. Биз эса Конституциямизда бундай таҳдидли қоида борлигига эътибор бермадик”, – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, томонлар ҳақида гап кетганда, “Ғарб дунёсида тез тарқалаётган ва қонун ва ҳатто Конституция даражасида рухсат этилган бир жинсли никоҳлар”ни ҳам назарда тутиш мумкин.
“Биз маънавий ҳимоя, маънавий меросимиз, маънавий қадриятларимизни муҳофаза қилишнинг ўзига хос намунаси сифатида қаралиши лозим бўлган ушбу нормани алоҳида белгилаб олдик. Тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва комиссия аъзоларини қўллаб-қувватлашга чақираман”, — деди депутат.
Сенатор, Қарши давлат университети профессори Абдураҳим Иркаев эса халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси бўлиши мумкинлиги сабабли норма ўзгаришсиз қолиши керак, деб ҳисоблайди.
“Хорижий дунё бунга қандай муносабатда бўлади?.. Балки, шундай қолдириш керакдир? Нима учун қичимаётган нарсани қашлаш керак? Бу бемаънилик олиб ташламаганимиз учун қанчадан-қанча айбловларни эшитяпмиз, (Жиноят кодексининг 120-моддаси – таҳр.). Бу ҳақда ўйлаб кўришимиз керак”, — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, бутун жамият, жумладан, ўзи ҳам ушбу тузатишларни қўллаб-қувватласа-да, “қўшнилар ва жаҳон ҳамжамиятининг фикрини инобатга олиш зарур”.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Алишер Қодировнинг фикрини қўллаб-қувватлади.
“Мен устозимизни ҳурмат қиламан, бу унинг шахсий фикри бўлиб қолиши керак. Биз бошқалар учун яшамаймиз, ўз қонунларимиз бўлиши лозим, биз ўз қонунларимиз асосида яшашимиз ва бошқалар қонунларимизни ҳурмат қилиши керак. Миллатимиз ғурури учун таклиф этилаётган ўзгартиришлар ва Алишер Қодировни тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, — деди сенатор.
Овоз бериш натижасида мазкур норма умумхалқ муҳокамасига қўйиладиган тузатишлар лойиҳасига киритилди.
Шарҳлар