Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидлари соҳасида қатор қонунбузарликларни аниқлади

Фото: xs.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат ташкилотлари томонидан махсус ахборот порталлари орқали давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши устидан мониторингни амалга оширди. Хусусан, 2023 йил февраль ойида вазирлик ва идоралар  томонидан 4,35 триллион сўмлик 77 411 та давлат хариди амалга оширилган. Бу ҳақда Uznews нашри ёзади.

Ўрганиш жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Жумладан, февраль ойида 26 нафар мижозга 25 миллиард сўмлик камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар юборилиб, ҳужжатлар тўпланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўриб чиқиш учун юборилган.

Жумладан, Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти буюртмачи бўйича 4,3 миллиард сўмлик асбоб-ускуналарнинг давлат хариди ўрганилганида, давлат харидлари жараёни иштирокчиларига рақобатни чекловчи шартлар киритилгани аниқланди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали томонидан 2,6 млрд.сўмлик темир-бетон буюмлари давлат хариди ўрганилганида, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи) , 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви),  46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилганлиги аниқланган.

Шунингдек, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан амалга оширилган 796 миллион сўмлик тиббий асбоб-ускуналарни давлат хариди чоғида қонунчиликка мувофиқ аффилланган корхоналар хариддан четлатилмагани аниқланди.

Идора томонидан тақдим этилган тақдимнома ва сўровлар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган, 7 таси бўйича маъмурий иш қўзғатилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.