Коррупцияга қарши курашиш агентлиги: Шахмат федерациясига 2020-2021 йилларда бюджетдан тўғридан-тўғри пул ажратилмаган

Источник: GR Stocks/unsplash.com

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ўзбекистон Шахмат федерацияси билан боғлиқ молиявий операциялар” тўғрисидаги мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш натижасига кўра, Ўзбекистон Шахмат федерациясига 2020-2021 йиллар давомида давлат бюджетидан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмаганлиги, фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига асосан ўтказилган спорт тадбирлари учун Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маблағлар молиялаштирилганлиги аниқланди.

Жумладан, Ўзбекистон шахмат федерациясига 2020 йил учун маблағ ажратилмаган, 2021 йил давомида эса жами 6 та тадбир учун 2 млрд. 834,8 млн. сўм маблағ молиялаштирилиб, федерация томонидан 2 млрд. 208,4 млн. сўм сарфланган ҳолда, қолган 626,4 млн. сўм маблағлар вазирликка қайтарилган.

Шахмат федерацияси нодавлат нотижорат ташкилоти бўлгани боис, тўпланган ҳужжатлар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига асосан Адлия вазирлигига юборилди.

Аввалроқ Anhor.uz  шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимовдан федерация давлат маблағларини сарфлагани ҳақидаги барча тафсилотларни жамоатчиликка ошкор қилишни сўраган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.