Коррупцияга қарши курашиш кенгашларига ҳокимлар бошчилик қилади

Жорий йилнинг 21 август куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида Миллий кенгаш тўғрисидаги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида низомлар тасдиқланган эди. Уларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарорлар тегишли ҳудуддаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий деб белгиланган, деб ёзади Kun.uz нашри.

Аксилкоррупция агентлиги ҳудудий кенгашларнинг таъсис мажлисларида вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раислари этиб тасдиқланганини маълум қилган.

Агентлик вакили нашрга ҳудудий кенгаш аъзоларининг тасдиқланган намунавий таркибида халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашлари раислари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раиси сифатида кўрсатилганини билдирган. Шу сабабли таъсис мажлисларида маҳаллий кенгашларнинг раҳбарлари ҳисобланган вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашда ҳам раис сифатида таништирилган. Шунингдек, ушбу намунавий таркибга вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, нодавлат нотижорат ташкилоти, ОАВ вакиллари, тадбиркорлар ва фаҳрийлар ҳам киритилган.

Агентлик расмийси, шунингдек, келгусида ҳокимлар маҳаллий Кенгаш раислигидан чиқариб юборилиши назарда тутилганини билдирди. Шундан сўнг, маҳаллий кенгаш раислигига келган шахс Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашига ҳам раис этиб тасдиқланади.

Ҳудудий кенгаш Ўзбекистон қонунлари ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарорлари асосида фаолият юритади. Унга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, соҳадаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупция ҳолати ва тенденцияларига доир ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш, аксилкоррупция чоралари бўйича мониторинг ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш каби бир қанча вазифалар юклатилган.

Низомда ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини доимий асосда олиб бориши ва ўз мажлисларини заруратга қараб, аммо йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказиши белгиланган. Ҳудудий кенгашларнинг ишчи органи функциясини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари котибиятлари бажаради.

Ҳудудий кенгаш раислари кенгаш фаолиятига ва мажлисларига раҳбарлик қилади, кенгаш кун тартиби ва иш режаларини тасдиқлайди ҳамда ҳудудий кенгаш мажлисларида ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.