Ўзбекистонда микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга ошади

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун билан Фуқаролик кодексига ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, деб ёзмоқда Сенат ахборот хизмати.

Фуқаролик кодексига киритилаётган қўшимчаларга асосан аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси, агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи белгиланган тартибда ундирилади.

«Энг аввало, асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда узилади. Сўнгра жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик сўндирилади. Учинчи навбатда неустойка (жарима, пеня)лар ва кейинги навбатда кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари ундирилади. Шу билан бирга, Фуқаролик кодексига кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда», – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартириш киритилаётган бўлиб, унга кўра жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун аҳоли ва тадбиркорларга микроқарз ёки кредит олиб фойдаланиш жараёнларини кенгайтиришга, улар томонидан кредитларни қайтариш қобилияти яхшиланишига замин яратади. Шунингдек, аҳолини ва тадбиркорларнинг молиявий маблағлар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан бирга уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга ва ушбу йўналишдаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади. Муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу Қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқуллашган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.