Кремль яна Мирзиёев Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳаракатларини тушуниш билан қабул қилишини билдирди
Кремль сайти Россия ва Ўзбекистон президентларининг 21 март куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида хабар берар экан, Мирзиёев Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан гапирганини таъкидлади. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.
“Владимир Путин Донбасс республикасини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон президенти Россия томонининг позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан гапирди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати худди шу суҳбат ҳақида хабар берар экан: “Минтақа ва халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашилди”, деган стандарт жумла билан чекланди.
Эслатиб ўтамиз, томонлар 25 февраль куни – Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги “ҳарбий махсус операцияси”нинг иккинчи кунида худди шу тарзда телефон суҳбатини ўтказганди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов “Ўзбекистон бу масалада мувозанатли, нейтрал позицияни эгаллашини” таъкидлади. “Барча юзага келаётган низо ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ асосида ҳал этилиши керак”, – деганди Асадов.
Кейинроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина ҳудудида зўравонликка чек қўйиш ва барча муаммоларни сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори эканини бир неча бор таъкидлади.
17 март куни эса Комилов Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарур деб билишини, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ҳамда ЛХР ва ДХРни тан олмаслигини билдирди.
Шарҳлар