,

Лотин Америкаси мамлакатларида рекорд даражадаги жазирама кузатилмоқда

Фото: day.az

Лотин Америкаси мамлакатлари Эль-Ниньо иқлим феномени сабабли юзага келган рекорд даражада юқори ҳароратлар ҳамда бу жазираманинг ўрмон ёнғинлари кўринишидаги салбий оқибатлари билан тўқнаш келмоқда, деб ёзади Infobae портали.

Жанубий Америка қитъаси ҳудуди аномал иссиқ оқибатларини бошидан кечирмоқда, улар аҳоли саломатлигига ва минтақа экотизимига хавф туғдирмоқда. Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) ходими Хайро Герреро жазираманинг асосий сабаби сифатида 2023 йил майидан буён кузатиб келинаётган Эль-Ниньо ҳодисасини келтириб ўтди.

Таъкидланишича, юқори ҳарорат Жанубий Америкада ўрмон ёнғинлари тарқалишига имконият яратмоқда. Колумбия ёнғинлар туфайли табиий офат ҳақида эълон қилди ва БМТдан халқаро ёрдам сўради. Чилида Табиий офатлар олдини олиш ва уларга жавоб кўрсатиш бўйича миллий хизмат ҳам мамлакатда ўрмон ҳудудлари ёнишига қарши курашаётганини маълум қилди.

Минтақадаги баъзи мамлакатлар фуқароларни саломатликка зарар етказиши мумкин бўлган ўта юқори ҳароратлар ҳақида огоҳлантирган. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро каби бир қатор шаҳарларида Цельсий бўйича 60 даражагача етадиган ҳарорат ҳақида хабар берилмоқда. Аргентинада саккизта провинцияда аномал жазирама қайд этилган. Баланд ҳарорат ҳақидаги огоҳлантиришлар Эквадор, Уругвай ва Перуда ҳам эълон қилинган. Иқлим ҳодисаси 2024 йил июнигача давом этиши айтилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.