Маданий мерос агентлиги Ангрендаги мусиқа мактаби биноси билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Фото: Агентство культурного наследия

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳрида жойлашган 1960 йилларда қурилган Чайковский номидаги мусиқа мактаби биноси бузилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Вазият Маданий мерос агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўрганилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Кўчмас мулк, моддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган Тошкент вилоятида жами 828 та ёдгорлик, шу жумладан, Ангрен шаҳрида 47 та маданий мерос объекти мавжуд..

“Аммо Чайковский номидаги мусиқа мактаби биноси бу рўйхатга киритилмаган. Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги қарорига асосан Ангрен шаҳри, Ғафур Ғулом кўчаси, 34-А уйда жойлашган мусиқа мактабининг собиқ биносини сотиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, — дейилади хабарда.

GELIKON VEST  МЧЖ (инвестор) объектга инвестиция киритиш ва бешта янги иш ўрни яратиш шарти билан 2019 йил 19 август куни ташкил этилган онлайн электрон аукцион якунлари бўйича 24 август куни аукцион ғолиби деб топилди.  2019 йилда у билан олди-сотди шартномаси тузилган. Бироқ, хусусий корхонанинг инвестиция мажбуриятлари объект Ангрен ҳокимлиги томонидан инвесторга ўтказилмагани сабабли бажарилмаган, дея таъкидлайди агентлик.

2022 йилда Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши томонидан собиқ мусиқа мактаби биноси ва П.Чайковский бюстини “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га киритиш таклифи киритилган эди. Айни пайтда бинонинг тарихийлигини ўрганиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

“Маданий мерос агентлиги кенг жамоатчилик бундай ҳолатларга бефарқ эмаслиги ва маданий мерос объектларини асраб-авайлашга ҳисса қўшаётгани учун ўз миннатдорчилигини билдиради”, — дея хулоса қилади агентлик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.