Маданий мерос агентлиги Марғилондаги масжид билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Марғилон шаҳридаги Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташланаётгани ҳақидаги хабарлар эълон қилинди. Маданий мерос агентлигининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси вазиятни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди.
Марғилон шаҳар Хўжа Порсо маҳалласи Бахтиёрлик кўчаси 100-уйда жойлашган Хўжа Порсо жоме масжиди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорига асосан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган
Айни пайтга қадар Хўжа Порсо жоме масжиди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги томонидан расмий намозхона сифатидан фойдаланиб келинган. Хўжа Порсо жоме масжидига ташриф буюрувчи намозхоналарга қулайлик яратиш мақсадида масжиди ҳудудига қўшимча бино иншоотлари қуриш бўйича таклиф-лойиҳа тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли қарорига асосан Маданий мерос агентлиги (департаменти) қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган ва ушбу кенгаш томонидан маъқулланган.
Хабарда қайд этилишича, Маданий мерос агентлиги ушбу иш бўйича хизмат текшируви натижалари ҳақида қўшимча ахборотни тақдим этади.
Агентлик каналида аввалроқ чоп этилган, кейин эса олиб ташланган хабарда қуйидаги банд ҳам бор эди.
“Илмий-эксперт кенгашининг хулосаси: Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасининг 2020 йил 14 августдаги 851-сонли хатига асосан Фарғона вилояти Марғилон шаҳар, Хўжа Порсо жоме масжиди ҳамда шаҳардаги “Йўрмадўз” МФЙ, Тўралар кўчаси 84а-уйда жойлашган “Каптарли мозор” жоме масжиди маданий мерос обекти ҳудудида бино ишоотларни бузиб қайта қуриш бўйича Илмий-эксперт кенгаш аъзолари бир овоздан “Каптарли мозор” жоме масжиди ҳудудидаги янги масжид лойиҳаси маданий мерос объекти бўлган эски масжид биносини таъмирлаш шарти билан маъқуллансин.
Мазкур тегишли хулоса олингандан сўнг масжиднинг тарихий қисми малакали реставратор томонидан маркирофка (рақамланиб) ечиб олинган. Ҳозирда масжиднинг тарихий айвон қисми қайта тиклаш ишлари бошлаган”.
Шарҳлар