Маданият ва маърифат телеканали номи ўзгармайдиган бўлди

Фото: Маданият ва маърифат телеканали

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Карвон” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси (ИД-78167 (В-1) тайёрланиб, бир неча кун аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – project.gov.uzda  эълон қилинганди.

Бунга кенг жамоатчилик, шоир ва ёзувчилар, телеканал муҳлислари “Маданият ва маърифат” телеканалини Маданият ва туризм вазирлиги таркибига қўшиб берилиши юзасидан қатор фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни, канал номи ўзгармаслиги ҳақидаги фикрларни билдиришганди.  Юқоридаги масалаларни ўрганиб чиқган Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва вазирликнинг расмий сайтида ўз муносабатини билдирди.

“Қувонарлиси, мазкур қарор лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди ҳамда ижтимой тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳафта давомида трендга чиққан “Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди. Бу жўшқин чиқишлар тўлқинида эътиборимни тортган масалалар қаторида қуйидагиларни алоҳида белгилаб олдим:

  1. Телеканал номини ўзгартирмаслик;
  2. Илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
  3. Моддий-техник база масаласига ечим топиш;
  4. Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
  5. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.

Бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарур деб биламан. Зеро шу юрт, шу халқ вакиллари сифатида барчамиз умумий мақсад йўлида – миллатни юксалтириш, юрт равнақига ҳисса қўшиш йўлида камарбастамиз.

“Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги жўшқин баҳсларда холис иштирок этган барча зиёлиларга юракдан ташаккур айтаман”, – дейди Озодбек Назарбеков.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.