Ўзбекистон маданияти ва туризм салоҳияти Германияда намойиш этилди
Шу кунларда Германиянинг Тюрингия федерал ўлкасига қарашли Зул шаҳрида анъанавий “Маданиятлараро ҳафталик” халқаро фестивали ўтказилмоқда. ЎзА Ўзбекистон элчихонасига таяниб маълум қилишича, ушбу маданият кунларида Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этяпти.
Фестиваль турли миллат ва халқларнинг бой маданий анъаналари билан яқиндан танишиш, ўзаро мулоқот ўрнатиш учун ажойиб имконият берди. Унда миллий таомлар намойиши, турли кўргазмалар, болалар учун қизиқарли ўйинлар ташкил этилди. Ҳар йили Германия бўйлаб ўтказиладиган ушбу халқаро тадбир турли миллатлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.
Элчихона дипломатлари тадбирда иштирок этаётган ватандошларга яқинда Германия Канцлерининг юртимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги миграция битими имзолангани ҳақида сўзлаб, ҳужжатнинг қонуний меҳнат миграцияси ва таълим алмашинуви учун янги имкониятлар яратгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, визаларни соддалаштириш ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар шулар жумласидандир.
– Биз тўрт йилдан буён мамлакатингиз билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Ҳозирда 60 нафардан зиёд ўзбек ёшлари бизда касбий таълим оляпти. Ушбу фестиваль ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон стендида нафақат мазали таомлар, балки мамлакатнинг маданияти, санъатини ифодаловчи кулолчилик маҳсулотлари ва миллий кийимлари ҳам намойиш этилмоқда. Мақсадимиз маҳаллий аҳолини ўзбек маданияти билан яқиндан таништиришдир. Биз билан ҳамкорликда ишлайдиган компаниялар тиришқоқ ва билимга чанқоқ ўзбекистонлик ёш мутахассислардан жуда мамнун. Ўйлайманки, Ўзбекистон билан амалга ошираётган касбий таълим бўйича лойиҳамиз узоқ йиллар давом этади, – ؘдеди “Simson Private Akademie” компанияси раҳбари Макс Роймшюссел.
Тадбирда Ўзбекистон туризми салоҳияти: бой маданий мерос, тарихий ёдгорликлар ва табиий манзараларни ўзида мужассам этган тарқатма материаллар тақдим этилди. Элчихонамиз томонидан маданий бурчак ташкил этилиб, ундаги турли каштадўзлик, адрас ва атласдан тикилган чиройли либослар ва ҳунармандчилик буюмлари қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди.
27 сентябрь куни “Маданиятлараро ҳафталик” халқаро фестивали ўз ишини якунлайди.
Шарҳлар