Махсус комиссия карантин талабларини юмшатди

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида карантин талабларини юмшатиш ҳисобидан аҳолининг маданий ва маънавий дам олиши учун қулай шароитларни яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Тегишли қарор билан, тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш бўйича илгари белгиланган чекловлар юмшатилиб, бугун, 20 сентябрдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилди, деб ёзади “UzNews” нашри.

Бунда қуйидаги карантин талабларига амал қилиш зарур:

  • маданий ва кўнгилочар муассасалар (театрлар, кинотеатрлар, концерт заллари)нинг ходимлари, шунингдек оммавий тадбирлар ташкилотчилари ва шундай хизматларни етказиб берувчилар коронавирусга қарши вакцинанинг камида иккита дозасини олган бўлиши (вакцина олиши мумкин бўлмаган ходимлар бундан мустасно) ва QR-кодга эга сертификатга эга бўлиши керак;
  • бундай муассасаларга ташриф буюрувчилар тиббий ниқобларда бўлиши, антисептик воситалардан фойдаланиши ва санитария-гигиена талабларига амал қилиши зарур.

Бунда объектлар маъмуриятига фақат эмлангани ҳақида QR-кодга эга сертификати бор кишиларни муассасага қўйиши тавсия этилади.

Бундан ташқари, аввал тўйлар, оилавий тадбирлар, турли тантаналар ва маросимларни ўтказишга қўйилган чекловлар ҳам юмшатилди.

20 сентябрдан бошлаб тадбирларда қатнашадиган меҳмонлар сони санитария-гигиена талабларига қатъий мувофиқ ҳолда 100 кишидан ошмаслиги лозим (бундан олдин 50 кишига рухсат берилганди).

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.