Мактабгача ва мактаб таълими вазири: «Ўқувчиларга физика ва кимё фанини ўқитишни бекор қилиш ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмас»

Источник: УзА

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев мактаб ўқув дастуридан физика ва кимё фанларини олиб ташлашни таклиф қилди. Шунингдек, у мактабда бу фанларни ўрганиш унга қийин бўлганини, ҳаётда ҳам улар унга асқотмаганини айтган. Ректорнинг фикрича, бунинг ўрнига ижодий фанлар киритилиши керак.

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мактабларда физика ва кимё фанлари қисқартирилиши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мунозараларга муносабат билдирди, деб ёзади ЎзА.

«Келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт. Физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади», – деди у.

Вазир ушбу фундаментал фанларнинг мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилган.

“Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур”, — дейилади муносабатда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.