Малакали кадрларни тайёрлаш дастурига 1 млрд доллар йўналтирилади

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилинди. Унда иштирок этиш ихтиёрий бўлади. Дастурга 2023-2024 йилда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, солиқ ва божхона маъмурчилигида ҳам енгилликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, бундай тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Уларга қўшилган қиймат солиғи ҳамда ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади. Божхона расмийлаштирувида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади. Масалан, ер ва бино-иншоотларни хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Йиғилишда ушбу янги тизим асосида жорий йилда 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш мумкинлиги айтилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.