Президент ва Малайзия Бош вазири ОАВ учун баёнот берди

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.

Давлат раҳбари икки халқ ўртасидаги умумий дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалдан яқин алоқаларни алоҳида таъкидлади.

«Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, бизнинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкоримиздир. Ҳар икки мамлакатда миллий мустақиллик байрами бир санада – 31 август куни нишонланиши ҳам рамзий маънога эга», – деди Президент.

Музокаралар чоғида ривожланиш ва модернизацияга қаратилган «Ўзбекистон – 2030» ва «Малайзия Мадани» стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани таъкидланди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар ва янги марралар белгилаб олинди.

Яқин келажакда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига олиб чиқишга ўзаро интилиш билдирилди.

Етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ва қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар бу кўрсаткичларни яқин келажакда бир неча баробарга ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Давлат раҳбари бу мақсадга эришишда товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро савдонинг мувозанатлилигини таъминлаш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш учун махсус саноат зонасини яратиш лозимлигини таъкидлади.

Музокаралар якунлари бўйича барча эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.