Мамлакатда “Янги Ўзбекистон ёшларининг ташаббуси” жамғармаси ташкил қилинмоқда, унга 100 млн доллар ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати қайд этишича, “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилиниши белгиланди. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса фоизсиз ажратилади.
IT-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилади. Уларга IT-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.
“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳам кўпроқ касб ўргатишга, бандликни таъминлашга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Шу боис энди бу жамғарма орқали турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилиши белгиланди.
Давлат кўмагига муҳтож ёшлар ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Улар ўз ҳимоясидаги ўғил-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия ва кафиллик олиш орқали бандлигига кўмаклашади.
Президент вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этиш вазифасини қўйди. Уларда спорт, киберспорт ва интеллектуал ўйинлар, китобхонлик, караоке учун шароитлар кўзда тутилади. Шунингдек, ҳар бир туманда “Ёшлар сайли” ва ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари ташкил қилинади.
Шарҳлар