Тошкентда мансабдор шахслар пенсионер ва ногиронларнинг квартираларини тортиб олишди
Тошкент шаҳрида кекса, боқувчисини йўқотган фуқароларнинг уйини сохта ҳужжатлар асосида сотиб, фуқароларга 258 минг доллар зарар етказган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Уларнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида кўриб чиқилмоқда, деб хабар берган “Дарё” нашри манбаси.
Унга кўра, айни кунга келиб, жиноий гуруҳнинг 21 нафар аъзоси судда тергов қилиб бўлинган.
«Суд ҳужжатларига кўра, гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган, ёлғиз яшовчи кекса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг хонадонини сохта ҳужжатлар асосида сотиб юборишни касб қилиб олган. Судда айтилишича, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, маклерлар ва профилактика инспекторларидан иборат гуруҳ ўзгаларнинг 8 та хонадонини сотиб, уй эгаларига 258 минг доллар зарар келтиришда айбланмоқда», – дейилади хабарда.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, жиноий гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани, Завқий кўчасида жойлашган 38-уйда ёлғиз яшаб келаётган С.Акобировнинг руҳий хасталиги, ўзининг ҳаракатларига жавоб бера олмаслиги ва ожизлигидан фойдаланиб, қалбаки ҳужжатлар асосида унга тегишли хонадоннинг мулк ҳуқуқни қўлга киритган. Ва ушбу хонадонни 2022-йил 15-июн куни харидорга 153 минг долларга сотган. Жиноий гуруҳ таркибида МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси ва “участкавой”нинг борлиги одамларни ишонтирган. Шу сабаб кўпчилик алданиб қолган.
Шарҳлар