Марғилондаги “Хўжа Порсо” масжидини реконструкция қилиш лойиҳаси маъқулланмагани аниқланди

Источник: Джамиль Касимов

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Марғилондаги “Хўжа Порсо” масжиди бузилиши бўйича хизмат текшируви натижаларини маълум қилди. Хабарда айтилишича, 2020 йил кузида Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти (Агентликнинг аввалги номи) ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши масжид ҳудудида қўшимча бинолар ва иншоотлар қурилиши ҳақидаги лойиҳа таклифини кўриб чиққан. Ушбу кўриб чиқиш якунлари бўйича Фарғона вилоят Маданий мерос бошқармасига янги бош режани ишлаб чиқаётганда масжид ҳудудидаги эски биноларни сақлаб қолиш ва янги иншоотларнинг ташқи кўриниши Марғилоннинг анъанавий архитектурасига мувофиқ бўлишини таъминлаш кўрсатмаси берилган, деб ёзади “Фергана” нашри.

«Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмаганлиги, янги ва эски биноларни бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган», — дейилади хабарда.

Мазкур масала юзасидан ўрганилган хулосалар барча тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилган.

XIX  асрда барпо этилган “Хўжа Порсо” масжиди Моддий маданий кўчмас мулк мероси объектларининг Миллий рўйхатига киритилган. Масжидни бузиш ва унинг ўрнида янги бино қурилиши ҳақида 20 октябрь куни журналист Элмира Тухватуллина гид Жамила Қосимовага таянган ҳолда маълум қилганди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги Марғилондаги масжид бузилаётгани, унда ёриқлар пайдо бўлиб, бу намозхонлар учун хавфли экани боис уни реставрация ёки реконструкция қилиш имконияти йўқлиги сабабли бузилганлигини билдирган. Вилоят раҳбарияти эски масжид ўрнида 1500 ўринга мўлжалланган, барча қулайликларга эга янгисини қурмоқчи бўлган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.