Марказий банк март ойида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди

Источник: Центробанк Узбекистана

Ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни  таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизга оширилди. Бу ҳақда банк пресс-релизида сўз боради.

Юзага келган вазиятни инобатга олиб, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Бозорда барқарорликни таъминлаш мақсадида тегишли инвервенциялар амалга оширилиб, миллий валюта курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бугунги асосий ставкани оширилиши ҳам юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган.

«Юзага келган вазиятда Марказий банк ички нархлар кескин ўсишининг олдини олиш, тўлов тизими узлуксизлиги ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида барча зарурий чораларни кўриб боради».

Асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда, дея қайд этади банк.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровлар уларнинг девальвацион кутилмаларида сезиларли ўсиш кузатилаётганлигини кўрсатмоқда.

«Айни пайтда мазкур омиллар турли каналлар орқали ички макроиқтисодий барқарорликка қисқа ва ўрта муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади. Бунда қисқа муддатли таъсирлар экспортдан тушумлар ва мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳисобига ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришида, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг қимматлашиши орқали ички нархларнинг ўзгаришида намоён бўлса, ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқариши ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тегишли босим кўрсатади», –дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.