Марказий банк рубль конвертациясидан пул ишлаб олиш схемалари ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Фото с сайта Review.uz

Ўзбекистон Марказий банкининг матбуот хизмати тижорат банклари томонидан Россия рублининг конвертация қилиниши бўйича ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган баҳс-мунозаралар учун жавобга айланган хабарни чоп этди.

“Аввал хабар берилганидек, россия рублининг ўзбек сўмига нисбатан сотиш ва сотиб олиш курси тижорат банклари томонидан мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланиб, кун давомида заруриятга кўра ўзгартириб борилиши мумкин.

Одатда, халқаро амалиётда ҳам маҳаллий валюта биржасида сотувда бўлмаган айрим давлатларнинг валюталари бўйича ҳисоб ва айирбошлашдаги курс ушбу давлатларнинг Марказий банклари ёки халқаро платформаларда эълон қилаётган жорий котировкалар асосида белгиланади.

Айрим ижтимоий тармоқларда шубҳали спекулятив трансчегаравий схемалар ёрдамида рублни айирбошлаш (шу жумладан, “қора бозор”да) орқали 30 фоизгача даромад олиш мумкинлиги билдирилмоқда.

Юқоридаги фикрлар мантиқан гепотетик шаклларда тўғри бўлиши мумкин бўлса-да, амалда Ўзбекистондаги ички валюта бозоридаги реал ҳолат буни инкор этмоқда. Хусусан, охирги пайтда тижорат банклари томонидан аҳолига рубль сотуви улардан харид қилинган миқдорлардан қарийб 10 баробар кўп.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани (нақд ва нақдсиз шаклда) олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича махсус тартиб ўрнатилган бўлиб, ушбу тартиб ички валюта бозорига кескин таъсир кўрсатиши мумкин бўлган миқдорларда пул оқимларининг вужудга келишига йўл қўймайди.

Марказий банк мавжуд вазиятни доимий онлайн равишда кузатиб бормоқда ва зарур ҳолларда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини таъминлайди”, – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.