Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қашқадарёда марокаш чигирткаларига қарши курашмоқда

Фото: пресс-служба МЧС Республики Узбекистан

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда “Китоб туманидаги чигиртка муаммоси нега масъуллар эътиборини тортмаяпти?“ сарлавҳаси остида тарқалган хабарларга эътибор қаратди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида тарқалган чигиртка марокаш чигирткаси бўлиб, ҳаво ҳарорати 10 даражадан юқори бўлганда тухумидан ёриб чиқади. “Марокаш” чигирткалари  йўлида учраган, кўкариб чиққан ҳар қандай ўсимликни нобуд қилади ва барча экинларига жиддий зарар етказади. Шу боис вазирлик томонидан ушбу ҳашоратларга қарши курашиш ишлари бошланди.

«Аниқланишича, ушбу ҳолат бўйича вилоятда бирорта жой қизил ҳудудга ўтмаган. Чигирткалар аниқланган жойлар қишлоқ хўжалик экинлари экилган ҳудуддан анча олисда эканлиги ва хавотирланишга ҳожат йўқлигини маълум қиламиз. Аммо ҳозирдан бартараф этиш чоралари кўрилмаса, эртага катта талафот олиб келиши мумкин. Боиси битта “Марокаш” чигирткаси ўзидан 150-160 тагача насл қолдириш қобилиятига эга. Бу эса келаси йил учун катта хавф бўлиши тайин. Чигиртканинг яна бир хавфли жиҳати у шамолга қарши ҳаракатланиб, 300 километргача бўлган масофани босиб ўтиш имконига эга», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.