Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилганлар ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилганлар ушланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Хусусан, Андижон вилояти, Марҳамат туманида яшовчи, 1997 й.т. шахс Асака туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 15 минг АҚШ долларидан 6 минг АҚШ долларини олган вақтида мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган, Марҳамат туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро ҳам қўлга олинди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида яшовчи, 1997 й.т. шахс Нурота туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Жиззах шаҳрида яшовчи, 1998 й.т. шахс 15 минг АҚШ доллари эвазига Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқарони Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 12 минг АҚШ доллари ва 6 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи, 1990 й.т. аёл Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқарога виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни “Туркия-Никарагуа-Мексика” йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шарҳлар