Microsoft ва Amazon Россия компаниялари учун ўз “булутли” маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини тўхтатади
Американинг Microsoft ва Amazon компаниялари 2024 йил 20 мартдан бошлаб Россия компаниялари учун ўз “булутли” маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини ёпади. Бу ҳақда Россиянинг Softline компанияси маълум қилган, унга тегишли билдиришнома келган.
Softline’дагилар айтишича, компаниялар ўзларининг бундай қарорини Евроиттифоқнинг 2023 йил 19 декабрдаги 12-санкциялар пакети билан изоҳлаган, унга мувофиқ, “Россияга ҳар хил дастурий таъминот турларини етказиб беришга чеклов киритилмоқда”.
“Бизга ҳуқуқ эгаларидан келиб тушган ахборотга кўра, 2024 йил 20 март куни Microsoft ва Amazon Power BI, Dynamics CRM каби булутли маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятини тўхтатади. Чеклов ушбу маҳсулотларни ўз ичига олувчи булутли ечимларга ҳам тегишли бўлишини кутяпмиз. Бу шуни билдирадики, ушбу санадан бошлаб бу маҳсулотлардан фойдалана олмайсиз ёки улардаги маълумотларга кира олмайсиз”, — дейилади хабарда.
“РБК”нинг IТ-бозордаги манбаси ушбу ахборотни тасдиқлади, шунингдек, тижорат соҳасидаги кўп сонли компаниялар Microsoft маҳсулотларидан фойдаланишда давом этиб келганини қайд этди. “Менга таниш буюртмачилардан бири бир ҳафта аввалроқ Microsoft вакиллари билан учрашгани ҳақида гапириб берганди, улар ҳеч нарса ўчирилмайди деб кафолат берган. Харид схемалари турлича бўлган, аммо уларни оммага ошкор қилиш керак эмас”, — деди у.
Шарҳлар