Миллий Олимпия қўмитасида спортчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш комиссияси тузилди

Источник: https://olympic.uz/

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Атлетлар комиссияси ташкил этилиб, унинг таркиби шакллантирилди, дея хабар беради ташкилот матбуот хизмати.

«Ушбу комиссияни очишдан кўзланган мақсад спортчиларимизнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз овозига эга бўлишларини таъминлаш ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишидан иборат», – дейилади хабарда.

Атлетлар комиссияси аъзолари Халқаро Олимпия қўмитаси талаблари асосида тегишли спорт федерациялари томонидан тавсия этилган 12 нафар спортчи орасидан овоз бериш йўли билан саралаб олинди.

«Регламент бўйича комиссия 5 ёки 7 нафар спортчидан ташкил топиши лозим. Бунда гендер тенглик таъминланиши, спортчиларнинг сўнгги уч Олимпия ўйинларидан бирида иштирок этган бўлиши, қолаверса, таркибда ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларида қатнашган номзодлар бўлиши талаб этилади. Аноним тарзда ўтган сайлаш жараёни якунида қуйидаги спортчилар Атлетлар комиссияси таркибига аъзо бўлишди: Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Ришод Собиров (дзюдо), Дмитрий Шокин (таэквондо), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик), Светлана Радзивил (енгил атлетика) ва Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси)», – дея қайд этилади хабарда.

Дмитрий Шокин Атлетлар комиссияси раиси, Оксана Чусовитина ҳамда Бекзод Абдураҳмонов унинг ўринбосарлари бўлдилар.

Атлетлар комиссияси аъзолари МОҚ Бош ассамблеяси ва Ижроия қўмитаси таркибига кириб, муҳим жараёнларда ўз фикрларини билдириш, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу борада Зайнаб Дайибековани МОҚ Ижроия қўмитасига, Светлана Радзивил ҳамда Комилжон Тўхтаев номзодларини эса Бош Ассамблеяга кўрсатиш бўйича тақдимнома Қўмита раҳбариятига киритилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.