Мингбулоқ тумани суди раиси 2000 доллар пора билан қўлга олинди
2024 йил 30 январь куни жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси Ш. С. ўзининг иш юритувидаги Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан айбланган судланувчи О. С.га енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, судланувчининг отаси В. С.дан 2 000 АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беряпти.
«Олий суд Пленумининг бугун ўтказилган мажлисида Бош прокурорнинг жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси Ш. С.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилди», – дейилган хабарда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Олий суд томонидан суд органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимни нопок кадрлардан тозалаш борасида барча зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бунда энг аввало, судья ва ходимлар ўртасида ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, шу билан бирга коррупцияга йўл қўйган судья ва ходимларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қатъий чоралар кўришга эътибор қаратилмоқда.
Шарҳлар