Мирзиёев Қибрай ва Янгийўл ҳокимларини, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосарини лавозимидан бўшатди
Ўзбекистон Президенти 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг бир қанча раҳбарларини ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Ишдан бўшатилганлар орасида вилоят ҳокимининг иқтисодиёт, молия ва камбағалликка қарши курашиш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев, шунингдек, Қибрай (Мираъзам Мирқосимов) ва Янгийўл туманлари (Улуғбек Ялгашев) ҳокимлари ҳам бор.
Улар билан бирга мазкур туманлардаги сектор мудирлари (милиция, солиқ хизмати ва прокурорлар) ҳам ишдан бўшатилди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг икки нафар ўринбосари президентдан ҳайфсан олди. Булар вилоят ҳокимининг саноат ва инвестициялар бўйича ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов ва вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шукурулло Махмудовлардир.
Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган йили Тошкент вилоятига киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 135 фоизга ўсиб, 480 миллион долларни ташкил этган. Ваҳоланки, саккизта туман ва шаҳарда бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан паст бўлган.
Олти ойда инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 240 миллион долларлик 322 та лойиҳа ишга туширилди, 8 мингта иш ўрни яратилди. Аммо айрим туман ва шаҳарлар ҳокимлари фақат кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш билан чекланиб қолмоқда.
Айрим вилоят ва шаҳарларда маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмининг қисқариши, шунингдек, вилоят саноат ишлаб чиқаришида айрим ҳудудлар улушининг камайиши кузатилган. Хабарда, шунингдек, жорий йилда қурилиши режалаштирилган 114 та кўп қаватли уйнинг атиги 9 таси фойдаланишга топширилгани қайд этилади.
Ушбу камчиликлар учун мансабдор шахсларга ҳайфсан эълон қилинди ва ишдан бўшатилди.
Шарҳлар