МСК референдум учун бюллетень шаклини тасдиқлади

Кадр трансляции

Марказий сайлов комиссиясининг 5 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва матни тасдиқланди.

Референдумда овоз бериш бюллетенига «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига асосан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларида кўрсатилган масаланинг матни («Конституцияни қабул қиласизми?») киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» деб кўрсатилди.

Овоз бериш бюллетенларини кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайл алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади, дейилади хабарда.

Шунингдек, МСК хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчилари ва оммавий ахборот воситаларининг вакилларини аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Референдумда қатор давлатларнинг марказий сайлов комиссиялари, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ва бошқа ташкилотларнинг кузатувчилари иштирок этади.

Референдум 30 апрель куни ўтказилади, муддатидан олдин овоз бериш эса 19-26 апрелга белгиланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.