МСК ҳузурида Тезкор ахборот маркази ташкил қилинди

Фото: ЦИК

Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 23 март куни бўлиб ўтган мажлисида қонун талабларидан келиб чиқиб, референдумга тайёргарлик кўришдаги навбатдаги масала – референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда комиссиянинг матбуот хизмати хабар беради.

16 мартдаги мажлисда эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари ташкил этилган эди.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида атрофлича муҳокама қилинди ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилди. Ушбу тавсияларга асосланган ҳолда ҳамда қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси мажлисида референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва уларнинг таркиблари тасдиқланди.

«Қонунга мувофиқ округ комиссиялари таркибига сайловлар ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, шу жумладан ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилган», – дейилади хабарда.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этади. Округ комиссиялари раҳбар (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Илк бор округ комиссиялари раислигига икки нафар аёл тасдиқланди. Округ комиссиялари таркибида ногиронлиги бўлган шахслар 5 фоизни ташкил этмоқда. Комиссиялар аъзоларининг 6,0 фоизи ёшлар вакиллари, 58,3 фоизи 31 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардан иборат.

Референдум жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда референдумда овоз берувчи фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартибини жорий этиш чоралари белгилаб олинди.

Референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тезкор ва самарали кўриб чиқиш, фуқароларга референдумни ўтказишга оид масалалар юзасидан тезкор ҳамда қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш, уларнинг референдум қонунчилиги бўйича хабардорлик даражасини, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.