Пойтахтдаги автосалон эгаларига ҳукм ўқилди
Маълум бўлишича, олдиндан жиноий тил бириктирган 3 нафар шахс томонидан пойтахтнинг Алишер Навоий кўчасида “My-Cars” номи билан автосалон очилган.
2022 йил 16 январдан 2023 йилнинг 2 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида ушбу жиноий шериклар “автомашиналарни 3 ой муддат ичида автосалондан чиқариб, етказиб бериш”ни айтиб, жами 74 нафар фуқаронинг 40.000.000 сўмдан то 200.000.000 сўмгача бўлган жуда кўп миқдордаги, жами — 6.155.000.000 сўмлик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
«Харидорларни қабул қилишда эса улар гўёки “GM— Uzbekistan” билан шартнома тузганликларини айтиб алдашган», – дейилади хабарда.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди ЖКнинг 168-моддасининг тегишли бандлари билан айбланувчиларга 8-9 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Шарҳлар