Наманганда 3 та сув омбори қурилади
Президент қишлоқ хўжалиги тармоқларига алоҳида тўхталди, деб ёзмоқда унинг матбуот хизмати.
«Наманганда сув манбалари сероб бўлгани билан, сув тежовчи технологияларни биринчи навбатда шу ҳудудда жорий қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йилда 60 минг гектарда сув тежовчи технологияни жорий қилиш ва 40 минг гектарни лазерли текислаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоятдаги каналларни бетонлаш, “Чоркесар”, “Заркент” ва “Испарон” сув омборларини қуриш, “Чуст” ва “М-2” каналини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.
Наманган қулай иқлим шароитига эга, бу ерда азалдан мева-сабзавотчилик ривожланган.
«Лекин, мева-сабзавот экспорти мавжуд имкониятга мос эмас. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортни 3-5 баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди. Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортини кўпайтириб, экспорт географиясини кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Деҳқонларга берилган 18 минг гектарга карантин инспекторлари боғланиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ташкил этилади, 54 минг гектарнинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари “GSP+” талабларига мослаштирилади», – дейилган учрашувда.
Вилоятда мева-сабзавотнинг атиги 8 фоизи, гўштнинг 28 фоизи ва сутнинг 9,5 фоизи қайта ишланади.
Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Мингбулоқ, Норин, Чортоқ ва Попда мева-сабзавот ва сут, Наманган ва Чортоқда гўштни қайта ишлаш қуввати етишмайди.
Йил якунигача мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 62 та лойиҳани ишга тушириш, Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш, Попда асал ишлаб чиқариш бўйича йирик корхонани ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган.
Шарҳлар