Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга туширилади
Вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази тарқоқ ҳолда 6 та туман ва шаҳарда жойлашган. Оқибатда беморлар бир шифохонадан иккинчисига сарсон бўлиб, ортиқча пули ва вақтини сарфлаяпти. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати ёзмоқда.
«Шу боис бу 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну-кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади», – дейилган.
Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилган.
«Мамлакатда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш муҳимлиги қайд этилган. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил қилишга кўрсатма берилди», – дейилади хабарда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш, телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шарҳлар