Наманганда коллеж директори ўқитувчиларни ипак қурти етиштиришга мажбурлади
Наманган вилоятида 2-касб-ҳунар коллежи директори ўқитувчиларни ипак қурти етиштиришга мажбур қилмоқда, деб хабар беради Eltuz.
2-сонли коллеж Косон туманида жойлашган бўлиб, муассаса директори шахсий манфаатини кўзлаб, ўқитувчиларни дам олиш ва иш кунларида ипак қурти боқишга мажбур қилмоқда.
«У коллеж биносига 250 грамм ипак қурти олиб келиб, коллеж ўқитувчи ва ходимларини ипак қурти учун барг йиғишга мажбурламоқда. Ҳудудимиздаги ҳеч бир коллежда бундай иш йўқ. Бундай тартибсизлик фақат бизнинг коллежда бўлади», – дейди ходимлар.
Улар, шунингдек, кимдир директор устидан шикоят қилганда, у дарҳол масалани «жим» ҳал қилишга муваффақ бўлганини айтишган. Ходимлар унинг буйруғини бажаришдан бош тортса, директор уларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилади.
Ўқитувчиларнинг айтишича, директор ўзгарганидан бери коллежга ҳеч ким келиб текширув ўтказмаган. Келганлар ҳам ҳеч қандай текширув ўтказмасдан дарҳол чиқиб кетишган. Ҳозирча масъул идоралар воқеа юзасидан изоҳ бермаган.
Шарҳлар