Наманганлик депутат: «ИИБ камерасида ўтиргандан кўра уйда шам ёруғида ўтирган маъқул» (тўлдирилди)
Ўзбекистонда газ ва электр таъминоти узилишларидан шикоят қилган одамларга қамоқ билан таҳдид қилган наманганлик депутат Музаффар Жамолитдинов танқидлар остида қолган пости учун узр сўраб чиқди, деб ёзади UzNews нашри.
“Мен томонимдан қўйилган ушбу постда газ ва электр билан боғлиқ танқидий материалларни ижтимоий тармоқда тарқатмасдан қамоқда эмаслигига шукр қилиш кераклиги, тинчлик ва хотиржамликни қадрига етишга оид матн жойланган эди. Пост қўйилгач, турли гуруҳларда чиқа бошлаган муносабатлардан сўнг ўзим қўйган постни такрор-такрор ўқиб нотўғри жойлаганимни англадим», – дея ёзган у ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
Депутатнинг ёзишича, у бундан 6 йил аввал бир ишда айбланиб, 10 ой эҳтиёт чораси сифатида қамоқхонада сақланган. Шунда оилавий хотиржамлик, тинчлик ҳамма нарсадан устунлигини англаб етган.
“Шу ўринда мен жойлаган постни тахдид деб қабул қилган фуқаролардан тўғри қабул қилишларини сўраб узур сўрайман”, – деб ёзади у.
Кейинроқ Музаффар Жамолитдинов депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиши тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганини маълум қилган.
«Газета» нашрининг қайд этишича, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши доимий комиссияси йиғилишида Музаффар Жамолитдиновнинг депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.
Шарҳлар