«Не молчи» лойиҳаси давлат органларини ўсмирларнинг зўрланишдан ҳимоя қилинишини таъминлашга чақирмоқда

«Не молчи» (“Сукут сақлама”) лойиҳаси Бош прокуратура, ИИВ, Олий судга мурожаат билан чиқди. Унда номусга тегиш тўғрисидаги ишлар кўп ҳолларда Жиноят кодексининг 118-моддасидан 128-моддасига (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) қайта малакаланаётгани, баъзида ишлар ёпиб юборилаётгани қайд этилади.

«Май ойида бизга вояга етмаган қизи ўқитувчиси ва унинг дўстлари томонидан зўрланган аёл мурожаат қилди. Ўқитувчи қизнинг ёши нечада эканини билган ҳолда алдов йўли билан мажбурлаган. “Бутилка” ўйинини уюштирган. Ўйинда ютиб чиққанидан кейин эса “секс” истагини айтган! Ахир бу алдов-ку. Бу зўрлаг! У қизнинг ёшини билган. У ўқитувчилик этикасига амал қилиши шарт эди. Аммо охир-оқибатда, терговчи унга 128-моддани қўллади, дўстларига нисбатан эса умуман чора кўрилмади. Қизнинг онаси адолат учун жон-жаҳди билан курашмоқда, бир талай экспертизалардан ўтилди, адвокатлар жалб қилинди – аммо терговчи бу ишни “гуруҳли зўрлаш” сифатида малакаламади ва ишни 128-модда бўйича судга берди. Бир неча кундан сўнг биринчи суд мажлиси бўлади. Адвокат ишнинг қайта кўриб чиқилишига ва унинг 118-моддага қайта малакаланишига ҳаракат қилмоқда».

Лойиҳа бир саволни ўртага ташлайди: “Агар ишлар шу тарзда қилинаверса, зўравонлар минимал муддат олса ёки умуман жавобгарликка тортилмаса, Ўзбекистонда ўсмирларнинг бундай зўрлашлардан ҳимоя қилинишини ким кафолатлайди? Бизнинг ва сизнинг фарзандларингиз хавфсизликда эмас! ”.

«Не молчи» лойиҳаси қуйидагиларни таклиф қилади:

– жинсий эркинликка қарши жиноятлар тўғрисидаги барча ишларни ИИВга эмас, балки прокуратурага бериш. Шундай жиноятларни тергов қилиш бўйича махсус департаментни ташкил қилиш. ИИБ терговчилари майда ишлар билан банд, улар бундай жиноятларни тергов қилишга етарлича эътибор қаратишга қодир эмас;

– Олий суд пленумининг номусга тегиш ҳақидаги ишлар бўйича қароридан қуйидаги таърифни чиқариб ташлаш: «Зўрлик, таҳдид қўлламаган ёки жабрланувчининг ожиз аҳволидан фойдаланмаган ҳолда шилқимлик, алдаш йўли билан ёки шунга ўхшаш бошқа усул билан жабрланувчини жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондиришга кўндирган шахснинг ҳаракатлари ЖК 118-моддаси ёки 119-моддаси билан квалификация қилиниши мумкин эмас».

«Одамни жинсий алоқа қилишга кўндириш – бу унинг иродасига таъсир қилиш, дегани. Бундай жинсий алоқа ихтиёрий хабардор розиликсиз содир бўлади ва ҳозирги меъёрлар бўйича номусга тегиш ҳисобланади»;

– номусга тегиш ҳақидаги ишлар бўйича жиноий жавобгарлик ёшини 12 ёшгача пасайтириш, кичик ёшли зўравонлар ҳам ўз қилмишлари учун жавоб бериши керак;

– оиласининг борлиги (хотини, болалари, оила боқувчиси) вазиятни юмшатувчи ҳолат бўла олмаслигини тан олиш.

«Эртага бу зўравонлар жазо олмасликларини билиб бизнинг ва сизнинг фарзандларингизга шилқимлик қила бошлайди».

Шунингдек, лойиҳа хабарда баён этилган вояга етмаганларнинг номусига тегиш билан боғлиқ ишларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.